@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

ННТ ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари: инновация ва ҳамкорлик орқали шаффоф ва инклюзив бошқарув

 2020-07-29 15:16:16   |     Просмотров: 233

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED)нинг Ўзбекистондаги филиали Европа иттифоқининг молиявий кўмаги асосида мамлакатимизда «Инновация ва ҳамкорлик орқали фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги шаффоф ва инклюзив бошқарув» лойиҳасини амалга оширмоқда. 


Лойиҳадан мақсад — фуқаролик жамиятига Ўзбекистондаги бошқарув ва ривожланиш жараёнларида таъсирчан субъект сифатида иштирок этишга имкон бериш. Унинг доирасида фуқаролик жамияти ҳамда Хоразм, Қашқадарё, Фарғона вилоятларининг маҳаллий ҳокимлик органларида алоқалар, инновациялар ва жамоатчилик кенгашларини ташкил этишга кўмаклашиш орқали салоҳиятини ошириш назарда тутилган.


Ўзбекистонда сўнгги йилларда фуқаролар, ННТларнинг, шу жумладан давлат ва жамоатчилик бошқарувида фаоллиги кузатилмоқда. Хусусан, давлат дастурлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда, фуқароларнинг фикрлари, мурожаатлари, ташаббус ва таклифларини қабул қилиш учун платформалар ишга туширилди, давлат органлари қошида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда, Президент ҳузурида Жамоатчилик палатаси ташкил этилди. 
Ҳокимликлар ва халқ ўртасида самарали мулоқот, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ҳамда фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнига янада кенг жалб этиш давлат бошқарув органларининг аҳоли олдидаги масъулиятини оширишга, уларнинг фаолиятининг очиқ ва ҳисобдорлигини таъминлашга имкон беради. Ушбу жараёнларга инновацион ёндашув ва усуллар фаол жорий этилмоқда. Шунга қарамай қатор қийинчилик ва камчиликлар ҳамон кузатилмоқда.


— Жойлардаги вазиятнинг дастлабки ўрганишлари шуни кўрсатдики, бир неча ҳудудларда ННТ ва фуқароларда давлат ҳокимият органлари билан ўзаро алоқа қилишларида мураккабликлар бор, — дейди ACTED лойиҳаси менежери Шаҳноза Жабборова. — Хусусан, Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида яшовчи аҳоли ва жамоат ташкилотларида маслаҳатлашувлар ўтказиш, фуқаролар талабига маҳаллий ҳокимликларнинг муносабат билдиришида қийинчиликлар мавжуд. Бу эса ҳокимиятга бўлган ишончни камайтиради. Шунинг учун лойиҳада мазкур учта ҳудудга эътибор қаратилмоқда. ННТ фуқароларни маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлашда асосий бошқарув субъекти сифатида иштирок этиб, муҳим аҳамият касб этади. Улар фуқароларнинг манфаатларини самаралироқ ҳимоя қилади, шу боис ННТ фаоллари одамлар билан ўзаро тил топишишнинг зарур шаклларини билади. ННТларнинг ташкилий ва техник ривожланиши, ҳуқуқий саводхонликнинг ошиши, давлат органлари билан мулоқот ва ҳамкорлик механизмлари фуқаролик жамияти институтларини ижтимой аҳамиятга муаммоларни ҳал этиш, қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб қилишда асосий факторга айланмоқда.  


«Юксалиш» УМҲ ва ACTED лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг фуқаролик жамияти институтларига бошқарувчиликда фаол субъект сифатидаги ролини мустаҳкамлаш учун воситалар тақдим қилишга ҳаракат қилинмоқда. Режалаштирилган тренинглар, «воркшоп»лар, танишув саёҳатлари, жамоачилик эшитувлари фуқаролик жамияти ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимият органларининг ҳамкорлик қилишлари учун платформа яратади. Бунинг натижасида аёллар ва эркаклар, ёш фаоллар, тадбиркорлар, кенг жамоатчиликни тинглаш, уларни қарорлар қабул қилинишига жалб этиш имконияти пайдо бўлади. 


Жорий йилнинг 7 майидан 25 майига қадар Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидаги пилот ННТларни саралаш танлови ўтказилди. Унда 50 га яқин аризалар қабул қилинди, аризаларни халқаро ташкилотлар вакиллари, жамоат тизими мутахассислари, парламент аъзоларидан иборат эксперт комиссияси кўриб чиқди. Натижада, лойиҳада иштирок этиш учун асосан фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўналишида фаолият юритувчи 15 та пилот ННТлар танлаб олинди. Булардан ташқари, комиссия яна тўртта ННТларни тавсия этди. Улар пилот ННТлар билан бирга тренингларда қатнашади.


Айни вақтда ННТларнинг ташкилий диагностикаси учун жамоатчилик ташкилотлари потенциалини баҳолаш воситаларини мослаштирадиган ва янгилайдиган экспертлар, тренерлардан иборат жамоа тузиш ишлари якунланган. Пандемия шаротида барча тадбирларни онлайн режимда ўтказиш режалаштирилган.


— «Юксалиш» УМҲнинг асосий вазифаларидан бири — давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятларининг бошқа институтлари саъй-ҳаракатларини, жамиятнинг турли соҳаларидаги ислоҳотларни амалга оширишда фуқароларнинг иштирокини бирлаштириш ҳисобланади, — дейди лойиҳа раҳбари Азиз Баратов. — «Инновация ва ҳамкорлик орқали фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги шаффоф ва инклюзив бошқарув» лойиҳаси ҳам ушбу мақсадларга йўналтирилган. Фаолият йўналишларида фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар потенциалини ошириш, бошқарув ва жамоатчилик назоратига жамоатчилик кенгаши орқали маҳаллий даражасида инклюзив жараёнларни тадбиқ этиш белгилаб олинган. Қарорлар қабул қилинишида фуқаролик жамиятининг конструктив иштирокини кенгайтириш кўзда тутилган. Бу йўналишда билим олиш, кўникма ва тажрибаларни ошириш иштирокчиларга ўзаро манфаатли мулоқот ўрнатиш, жамоат эшитувларини ўтказиш ва жамоатчилик назоратининг механизмлари, шу жумладан давлат органлари қошидаги жамоатчилик кенгаши орқали жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этишда кўмаклашишдан самарали фойдаланиш имконини беради. 


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати